Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Педагогларнинг хорижда ўқиши учун камида 35 та алоҳида квота ажратилади

  • 27.06.2022
  • 520 марта ўқилди

Қарорга кўра, 2023 йил 1 январгача педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ бакалавриатида ўқиётган талабалар учун уларнинг таълим йўналишларига турдош бўлган мутахассисликлар бўйича қўшимча педагогик тайёрлов дастурлари ишлаб чиқилади.

Дастурлар бўйича ўқишга ОТМ бакалавриатининг сўнгги икки босқичда ўқиётган талабалар қабул қилинади.

Дастурларни ўзлаштирганлик тўғрисидаги сертификатга эга шахсларга олий таълим ташкилотида ўқишни битирганидан сўнг қайта тайёрлаш курсларидан ўтмасдан сертификатда кўрсатилган мутахассислик бўйича мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

2023/2024 ўқув йилидан педагог кадрлар тайёрловчи ОТМнинг қўшма таълим дастурларида таълим олаётган талабаларнинг ҳамкор хорижий ОТМда ўқиш даври учун тўлов-контракт қийматини қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

2023 йилдан педагогика соҳаси бўйича нуфузли хорижий ОТМда бакалавриат, магистратура, докторантура дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш учун “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари ҳисобидан ҳар йили тасдиқланган умумий қабул квоталари доирасида педагог кадрлар учун камида 35 та алоҳида квота ажратилади.

Қарор билан педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ ҳузурида ташкил этиладиган академик лицейлар (8 та) рўйхати тасдиқланди.

2023/2024 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ ҳузуридаги академик лицейларга қабул икки босқичли саралаб олиш тизими – дастлабки ёзма имтиҳон ҳамда тест синовлари асосида ташкил этилади.

2022/2023 ўқув йилидан умумий ўрта таълим муассасаларининг педагог касбига лаёқатли 10–11-синф ўқувчиларини махсус ишлаб чиқилган вариатив ўқув режалари асосида ўқитиш чоралари кўрилади.

Chat