Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Мадад” ННТга Финландиянинг Ҳелсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази делегация аъзолари ташриф буюрди

  • 24.08.2022
  • 476 марта ўқилди

Жорий йилнинг 23 август куни “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотида Финландиянинг Ҳелсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази директори Туия Бракс раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Маълумот учун: Хелсинки университети ҳузурида фаолият юритувчи Қонун устуворлиги марказининг мақсади ривожланаётган мамлакатларга қонун устуворлиги асосларини яратиш ва мустаҳкамлашда, ҳуқуқий давлат институтларининг функционал имкониятларини ривожлантиришда ҳамда қонунчиликни мустаҳкамлашда ёрдам беришдан иборат. Қонун устуворлиги маркази Финландия жамиятида қонун устуворлиги бўйича етакчи экспертларни бирлаштиради ва уларнинг алоқаларини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги 2022-2024 йилларда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги давлат стратегияси доирасида “Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” лойиҳаси режалаштирилмоқда.

Учрашув давомида “Мадад” ННТ ижрочи директори Т.Турсунов делегация аъзоларини мазкур ташриф билан самимий қутлаб, 2019 йилда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида “Мадад” ННТ ва унинг ҳудудий бюролари ташкил этилганлиги, бугунги кунда ушбу ташкилот томонидан фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бепул юридик ёрдам кўрсатилиб, уларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини оширишга кўмаклашиб келинаётганлигини таъкидлади.

Шунингдек, Т.Турсунов “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали, ундан фойдаланувчилар учун яратилган қулайликлар ва имкониятлар ҳамда туман (шаҳар) ҳуқуқий маслаҳат бюролари фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашдилар ва ижтимоий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келгусидаги истиқболли режалар ҳақида келишиб олдилар.

Chat