Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Қўшимча божхона тўловлари жорий этилди

  • 23.03.2021
  • 1033 марта ўқилди

Давлат божхона қўмитасининг 25.03.2021 йилдаги қарорига асосан «Товарлар ва транспорт воситаларини белгиланган жойлардан ташқарида ва (ёки) божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун божхона йиғимларини ундириш тартиби» тасдиқланди. 

  • Белгиланган жойлардан ташқарида ёки божхоначиларнинг иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказишга тўғри келганда манфаатдор шахс маълум миқдорда божхона йиғимини тўлайди.
  • Манфаатдор шахс белгиланган жойлардан ташқарида божхона расмийлаштирувидан ўтказишни сўраб божхона органига ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Божхона йиғимлари божхона кўриги ва божхона назорати остидаги товарларни кўздан кечириш, қайта юклаш операцияларини амалга ошириш учун божхона йиғимлари буюртма-нарядни расмийлаштириш орқали ундирилади. 

  • Юкларни божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун божхона йиғимлари  ундирилганда божхона юк декларациясига тегишли маълумотлар киритилади.

Соат 18.00 дан 9.00 га қадар бўлган вақт ҳамда дам олиш ва байрам кунлари иш вақтидан ташқари вақт ҳисобланади.

  • Товарларни белгиланган жойлардан ташқарида божхона расмийлаштирувидан ўтказишда божхона расмийлаштирувидан бошлаб буюртма-нарядни имзолашгача бўлган вақт ҳисобга олинади.
  • Божхона органлари томонидан белгиланган жойлардан ташқарида ва божхона органларининг белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштируви учун бир соатдан кам вақт сарф қилинган тақдирда, божхона йиғими бир ходимнинг тўлиқ бир соат иш куни учун ундирилади.

Манфаатдор шахснинг мурожаатида божхона кўриги, қайта юклаш операцияларини амалга ошириш учун бир нечта ходим ажратиш сўралган бўлса, божхона йиғими божхона пости томонидан ажратилган ҳар бир ходим учун тўланади.

  • Буюртма-наряд – товарлар ва транспорт воситаларини белгиланган жойлардан ташқарида ва (ёки) божхона органларининг иш вақтидан ташқари вақтда божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун божхона йиғимларини ундиришда божхона органлари томонидан расмийлаштирилган электрон шаклдаги ҳужжат.
  • Буюртма-наряд божхона органларининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида электрон тарзда расмийлаштирилади. Буюртма-наряд 2 қисмдан: «буюртма-наряд» ва «ҳисоб-фактура»дан иборат бўлади.

Ушбу Қарор 26.06.2021 йилдан эътиборан кучга киради.

Chat