Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ҳокимларнинг кадастр органлари ишига аралашиши тақиқланади

  • 21.10.2022
  • 961 марта ўқилди

"Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини янада такомиллаштиришчора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинди (ПҚ–405-сон, 20.10.2022 й.)

Қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан:

  • Кадастр агентлигининг ҳудудий тузилмалари фаолиятини ташкил этиш Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади;
  • ҳудудий бошқарма ва бўлимлар фаолиятини молиялаштириш республика бюджетидан амалга оширилади;
  • ҳудудий бўлимлар, Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) филиалларининг фаолиятига ҳокимлар томонидан аралашиш ёки таъсир ўтказиш қатъий тақиқланади.

2023 йил 1 июлгача Кадастр агентлиги органларига тааллуқли маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни “E-ma’muriy ish” тизими орқали электрон кўриб чиқиш имкони яратилади.

Қарор билан қуйидагилар ташкил этилди:

  • Кадастр агентлиги марказий аппаратида – Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси;
  • Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармаларида – чегара масалалари бўйича бош мутахассис лавозими;
  • Тошкент геодезия ва картография коллежида – Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази;
  • Геоинновация маркази” ДУК тузилмасида – қиёслаш ва калибрлаш лабораторияси, докторантура фаолияти, Фазовий маълумотлар соҳасида стандартлаш бошқармаси ҳамда Илмий тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими.

Янги ўзлаштирилган ерлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хулосасига мувофиқ вилоят ҳокимлари қарорига асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасига киритилади.

Шунингдек қарор билан 2023–2026 йилларда Кадастр агентлиги фаолиятининг асосий прогноз кўрсаткичлари ва унинг моддий-техника базасини такомиллаштириш дастури тасдиқланди. 

Унга кўра агентлик 25 169 гектар ер участкаларини ўлчаб уларнинг электрон хариталарини яратади.

Chat