Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Жорий йилнинг 25 октябрь куни “Мадад” ННТ, Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ҳуқуқий акция ўтказилди

  • 26.10.2022
  • 464 марта ўқилди

Акцияда “Мадад” ННТ ва Нотариал палата масъул ходимлари, нотариуслар, туман ҳокимлиги вакиллари ҳамда 60 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғини раислари, фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад маҳаллалар раислари (оқсоқоллари)га юклатилган ваколатларни амалга ошириш учун уларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш, аҳоли ўртасида сарсонгарчиликларнинг олдини олишдан иборат.

Акцияда фуқароларга нотариал хизматлар кўрсатиш, соҳага оид қонунчиликдаги янгиликлар, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 
2021 йил 18 июндагиФуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2019 йил 6 сентябрдаги “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари мазмун ва моҳияти тушунтирилди.

Акция давомида МФЙ раислари ва фуқароларга ҳозирги кунда долзарб бўлган, яъни мерос, уй-жойларга эгалик ҳуқуқини олиш тартиби, маҳалла ва фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари)га ишончномаларни тасдиқлаш тартиби каби ҳуқуқий масалалар юзасидан маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилди. 


Ушбу акция жорий йилнинг 26 октябрь куни ҳам республикамизнинг барча ҳудудларида давом этади.

Chat