Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўриндошлик асосида ишлашни тақиқлаш

  • 26.10.2022
  • 1232 марта ўқилди

Ўриндошлик асосида ишлаш — ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши.

Бошқача айтганда, асосий ишдан бўш вақтларда қўшимча иш олиб борииш тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг (18.10.2012 йилдаги 297-сонли) қарори билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низомга асосан қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади:

  • 18 ёшга тўлмаган шахслар;
  • агар ўриндошлик асосида ишловчининг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш (соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ходимлари бундан мустасно);
  • автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлаш хизматининг ишчиси (мутахассиси) сифатида;
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари), давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
  • вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;
  • бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари - соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;
  • қонунчиликка мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (ходимлар).

Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, шу жумладан ўриндошлик асосида бир вақтнинг ўзида иккита раҳбарлик лавозимини эгаллашга йўл қўйилмайди, қонунчиликда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартибига риоя этилиши учун масъулият ўриндошлар ишлайдиган ёки бир неча касбда ва лавозимда ўриндошлик асосида ишлаш қўлланадиган ташкилотларнинг раҳбарлари зиммасига юкланади.

Саволларингиз бўлса, advice.uz сайти орқали бепул юридик маслаҳат олиш учун мурожаат қилишингиз мумкин.

Chat