Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистонда оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш тўғрисида

  • 03.11.2022
  • 479 марта ўқилди

Бугун биз оилавий меҳмон уйлари қандай эканлигини таҳлил қиламиз? Уни қандай ташкил қилиш керак? Ва уй эгалари қандай ҳуқуқларга эга?

Оилавий меҳмон уйлари - меҳмон уйларида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек, ҳар бир яшовчига 3 м2 ҳисобидан тўғри келадиган зарурий тураржой майдонига эга бўлган хусусий уй-жой ҳисобланади;

  • оилавий меҳмон уйлари хизматлари оилавий меҳмон уйи ташкил этиш учун яроқли тураржой биносига эга бўлган ва унда яшовчи хусусий тадбиркорлар ёки оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилади;
  • оилавий меҳмон уйлари хизматларини сертификатлаштириш соддалаштирилган ҳолда, оилавий меҳмон уйларини ўрганиш далолатномаси асосида уларни Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрига киритиш ва Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестридан тегишли кўчирма бериш йўли билан амалга оширилади;
  • ариза 3 кунлик муддат ичида кўриб чиқилади (йиғим ундирилмайди)
  • Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси оилавий меҳмон уйларини рўйхатга олиш ва Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрини юритишни амалга оширади.

Меҳмон уйлари ташкил этишда белгиланган рўйхат бўйича мажбурий шарт-шароитларга мувофиқ бўлиши шарт.

Меҳмон уйлари хизматларини сертификатлаштириш соддалаштирилган ҳолда, меҳмон уйларни ўрганиш далолатномаси асосида уларни Реестрга киритиш ва Реестрдан тегишли кўчирма бериш йўли билан амалга оширилади.

Аризага бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси илова қилинади.

Меҳмон уйлари эгалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
  • турар жой биносини ўз ихтиёрига кўра Ўзбекистон Республикасининг тураржойлар тўғрисидаги қонунчилиги ва белгиланган меъёрлар доирасида тасарруф этиш;
  • ижарада турувчиларни (туристларни) меҳмон уйига уларни бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи ва ахборот-туристик марказлари орқали, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда эса, билдириш тартибида ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат қилиш йўли билан рўйхатга қўйиш орқали ижара шартномасини расмийлаштирмасдан жойлаштириш;
  • ташриф буюрувчилар (туристлар) томонидан жамоат тартиби меъёрлари бузилган ҳолларда жойлардаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро боғланиб ҳаракат қилиш;
  • туризм фаолияти субъектларига берилган имтиёзлардан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш.

Мавсумий бўлмаган даврда меҳмон уйларининг эгалари рўйхатга олиш ва солиқ органларига меҳмон уйи фаолияти вақтинча тўхтатиш ва улар ўз фаолиятини вақтинча амалга оширмайдиган қайд этилган даврга солиқ ҳисобланишини вақтинча тўхтатиб қўйиш тўғрисида ариза бериш йўли билан вақтинча ўз фаолиятларини тўхтатиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Тижорат банкларига Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрига киритилган хусусий тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларининг буюртмаларига биноан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баробаригача миқдорда, 5 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган ставка бўйича имтиёзли кредитлар ажратилади.

Саволларингиз бўлса, advice.uz сайти орқали бепул юридик маслаҳат олиш учун мурожаат қилишингиз мумкин.

Chat