Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Беларусь Республикаси адлия вазири бошчилигидаги делегация “Мадад” ННТга ташриф буюрди

  • 18.11.2022
  • 727 марта ўқилди

Шу кунларда Беларусь Республикаси адлия вазири Сергей Хоменко бошчилигидаги делегация мамлакатимизда ишчи ташриф билан бўлиб турибди.
Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Сергей Хоменко бошчилигидаги делегация аъзолари “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди.

Муассаса ижрочи директори Т.Турсунов, меҳмонларга, “Мадад” ННТ  Ҳукуматнинг 2019 йил 6 сентябрдаги қарорига асосан жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш ҳамда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилганлигини таъкидлаб, ташкилот томонидан ўтган 3 йилдан ортиқ вақт мобайнида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди. 

Жумладан, ташкилотнинг расмий сайти ҳисобланган “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали орқали фуқаролар онлайн режимда ҳуқуқий маслаҳат олишлари учун яратилган имкониятлар, порталга жойлаштирилган ҳуқуқий ахборот ва маълумотларнинг мазмун-моҳияти, келиб тушаётган мурожаатларнинг хусусияти ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, Т.Турсунов, меҳмонларга, фуқароларнинг ҳуқуқий муаммоларини жойида ҳал қилиш мақсадида “Мадад” ННТнинг жойларда 73 та  туман (шаҳар) ҳуқуқий маслаҳат бюролари самарали фаолият кўрсатиб келаётганлиги, ўтган давр мобайнида уларга 300 000 дан ортиқ фуқаролар бевосита мурожаат қилиб, бепул юридик ёрдам олганлигини таъкидлади.

Учрашувда меҳмонлар Ўзбекистонда аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида яратилган бу янги тизим, қолаверса, унинг бугунги кундаги имкониятлари ва келажакдаги истиқболлари хусусидаги маълумотлар уларда катта қизиқиш уйғотганлигини, шунингдек, келгусида бу борада ҳамкорлик қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Chat