“Қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда назорат механизмларини такомиллаштириш, жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–425-сон, 17.11.2022 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, 2023 йил 1 январдан тегишли давлат дастурлари ва лойиҳалари доирасида объектларнинг бош лойиҳа-қидирув ва бош қурилиш-пудрат ташкилотлари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида электрон тендер (танлов) савдолари орқали аниқланади.
Ҳоким ёрдамчиси, маҳалла фаоллари ва ёшлар етакчилари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа жамоат ташкилотлари томонидан ҳудудларда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади.
Ҳар чоракда вилоят, туман (шаҳар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан қурилиш соҳасида коррупция ва қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида кенг жамоатчиликка ахборот бериб борилиши таъминланади.
2023 йил 1 январга қадар қурилиш объектларини рўйхатга олишдан бошлаб, фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар рақамлаштирилади.
“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида 2023 йил 1 январга қадар Дастурлар ва Лойиҳаларнинг рўйхатларини юритиш, уларга киритиладиган барча ўзгартириш ва қўшимчалар акс эттирилади.
Шунингдек, қарорга кўра, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг мобил иловаси яратилади.