Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Аёллар дафтари”га киритилган ёлғиз аёлларнинг фарзандлари ҳам боғчага имтиёзли рўйхат асосида қабул қилинади

  • 22.05.2021
  • 1264 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар киритилди (319-сон, 20.05.2021 й.).

Ўзгартиришларга кўра, мактабгача ташкилотларга устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга болалар рўйхати (имтиёзли рўйхат) янгиланди. 

Эндиликда болаларнинг қуйидаги контингенти боғчага устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга бўлади:

  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари (илгари – ногирон бўлган шахсларнинг болалари);
  • кўп болали оилаларнинг болалари;
  • етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;
  • “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг болалари;
  • контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ва ички ишлар органлари ходимларининг болалари (илгари – ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари);
  • талабалар ва педагогларнинг болалари;
  • акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар;
  • кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлардан умумий турдаги мактабгача ташкилотларга ўтказилаётган соғайган болалар (илгари – бошқа муассасалардан ўтказилган болалар).

Илгари боғчага қабул қилиш учун имтиёзли рўйхатга киритилган болаларнинг имтиёзлари уларга йўлланма берилгунга қадар сақланиб қолади.

Болаларни имтиёзли рўйхат бўйича қабул қилиш давлат-хусусий шерикликка асосланган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди.

Жорий ўқув йилининг 31 май кунига қадар 7 ёшга тўладиган болаларнинг сўровномалари ушбу санада бекор қилинади ҳамда автоматик равишда навбатдан чиқарилади.

Chat