Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

1 декабрдан нималар ўзгаради?

  • 01.12.2022
  • 796 марта ўқилди

1) Ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилади (тест режимида). Йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда уларни такроран бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қуйидаги тартибни назарда тутувчи ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилади:

  • ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади;
  • ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ўрнатилган тартибда маҳрум қилинади;
  • муайян давр мобайнида йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланилади.

2) МЧЖларнинг таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинади.

3) Субсидия олиш учун аризани туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан кўриб чиқиш бекор қилинади.

4) “Таэквондо (WT) ҳамма учун” дастури амалга оширилади. Таэквондони таълим муассасалари ҳамда ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш орқали оммалаштириш, аҳолининг ушбу спорт турига қизиқиш ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, таълим муассасалари, маҳаллаларда таэквондо бўйича тўгаракларни ташкил қилиниб, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оилалар фарзандларининг таэквондо билан шуғулланиш харажатларини қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

5) Айрим постларда "Яшил" ва "Қизил" тамойили асосида автотранспортлар ҳаракатланиши йўлга қўйилади.

6) "Ягона дарча" божхона ахборот тизими хизматлари сони кенгайтирилади. 

Божхона кўриги жараёнларини қамраб олган мобил электрон тизим ишга туширилади.

Шунингдек, божхона хизматлари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда, "Ягона дарча" божхона ахборот тизими орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 40 тага етказилади.

7) Фуқаролик ва миграция соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш соддалаштирилади. Фуқаролик ва миграция соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида фуқаролардан ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш амалиётини бартараф этиш мақсадида:

  • фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганлиги ёки ёзувларда ноаниқликлар аниқланганлиги муносабати билан янги идентификацияловчи ID-картани расмийлаштиришда ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаби бекор қилинган ҳолда мазкур ҳолатларни электрон тизим орқали текшириш;
  • жиноий жазони ўтаб чиққан фуқароларга янги идентификацияловчи ID-картани расмийлаштиришда ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни электрон тизим орқали олиш тартиби жорий этилади. 

8) Автомобиль опциялари ҳақидаги маълумот автоматик равишда етказилади.

Автомобиль опциялари ҳақидаги маълумотни автоматик тарзда етказиб бериш мақсадида, ишлаб чиқариш линияларидаги робот ва PLCларга автомобиль опциялари ҳақидаги маълумотни автоматик тарзда етказиб бериш тизими MPG (Manufacturing processing Gateway) жорий этилади.

Chat