Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

2023 йил 1 январдан нималар ўзгаради?

  • 30.12.2022
  • 2469 марта ўқилди

1) ЯТТлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50 фоизидан йилига БҲМнинг бир бараваригача камайтирилади.

Савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар бундан мустасно.

2) Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (UZKAD) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими этиб белгиланади

3) Ўзининг шахсий томорқа ер участкасида қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига БҲМнинг камида 1 баравари (300 минг сўм) миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилади:

  • чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар);
  • иссиқхона;
  • паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак);
  • қуёнчилик;
  • асаларичилик;
  • балиқчилик;
  • боғдорчилик;
  • лимончилик;
  • гулчилик. 

4) Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўп хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши мажлиси ва иштирокчилари умумий йиғилиши баёнлари улар расмийлаштирилгандан сўнг 10 кунда "Давлат мулки" ахборот тизимида жойлаштирилади

5) Саудия Арабистони фуқароларига Ўзбекистон ҳудудига киришда 30 кунлик визасиз режим жорий қилинади.

Бунда улар ўз ёки учинчи мамлакатга учиш авиачиптасини тақдим қилиш керак.

6) Чарм, мўйна хом ашёси ва жунни қайта тайёрлаш, қорамолни автоматлаштирилган тарзда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар 2026 йил 1 январгача фойда, айланмадан олинадиган ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинади.

7) Фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга туширилади.

8) Қонунчиликка кўра: 

  • наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш бўйича барча тиббий текширувлар наркология диспансерларининг ўзида, зарур ҳолларда бошқа муассасаларда амалга оширилади;
  • наркология диспансерларидаги мавжуд койкалар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида олиш имконияти яратилади.

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг амбулатор ва стационар бўлимларида тиббий психолог ёки психотерапевт лавозимлари жорий этилади.

9) Давлат ижтимоий буюртмасига оид маълумотлар мажбурий тартибда эълон қилиб борилади.

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда қуйидагилар электрон порталга жойлаштириб борилади:

  • ижтимоий ва иқтисодий дастурларнинг лойиҳалари;
  • социал ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун ННТларга бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмасини бериш учун танлов ўтказилиши ҳақидаги эълонлар;
  • келгуси молия йили учун давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тўғрисида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ёки ҳудудий жамоат фондларига юбориладиган буюртманомалар;
  • ННТлар билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар, тузилган ҳамкорлик битимлари, меморандумлар ҳамда берилган давлат ижтимоий буюртмалари ҳақидаги маълумотлар;
  • давлат ижтимоий буюртмаларини амалга ошириш жараёни ва натижалари, ажратилган маблағларнинг сарфланиши ҳақидаги маълумотлар.

10) Янги қуриладиган кўп квартирали уйларни чиқинди тўплаш жойларини белгиламасдан лойиҳалаштириш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.

 Шунингдек, янги қуриладиган кўп квартирали уйларнинг чиқинди тўплаш жойлари улардаги квартиралар сонига мутаносиб равишда ҳамда атрофдаги мавжуд чиқинди тўплаш шохобчалари қуввати ҳисобга олинган ҳолда лойиҳалаштирилади.

11) Тошкент шаҳрида жамоат транспортининг янги тармоғи асосида ташкил этиладиган йўналишларда ташувчиларни “босиб ўтилган йўл”, “йўловчи оқими” ва “сифат” мезонлари бўйича бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда молиялаштиришнинг янги тизими босқичма-босқич жорий этилади.

12) Фахрий донорларга бериладиган мукофот пули кўпайтирилади

“Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача (1,5 млндан 4,5 млн сўмгача) оширилади.

 Шунингдек, кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;

шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш;

давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш;

  • доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари (ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-ука ва опа-сингиллари, турмуш ўртоғининг ота-оналари) стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади;
  • донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 фоизи (27 минг 600 сўм) миқдорида белгиланади;
  • иммун донорларга ўтказилган иммунизация ва топширилган плазмаси учун ҳақ тўлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг оширилиши даражаси доирасида мутаносиб равишда индексация қилиб борилади;
  • шошилинч ҳолатларда донор қонининг таркибий қисмларини ташиш учун тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишга рухсат берилади. 

13) Ипак қурти уруғи, тут кўчатлари ва пилла етиштириш, пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар, қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари ва қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун кўзда тутилган солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар 2026 йил 1 январга қадар узайтирилади.

14) Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш қуйидаги ихтисосликлар бўйича амалга оширилади:

  • фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш;
  • маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш.

Талабгор лицензия олиш учун аризани “Лицензия” АТ ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали электрон юборади.

Лицензия талабгорнинг доимий яшаш жойи бўйича чекланмаган муддатга берилади ва Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида амал қилади.

Аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 50 фоизи (150 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади. 

15) Ички ишлар органлари фаолиятига босқичма-босқич “Е-патруль” тизими жорий этилиб, фуқаронинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади.

Шунингдек, барча маълумотлар жойида планшет орқали текширилиб, ички ишлар органлари патруль-пост хизмати ходимларининг фаолияти “бодикамера”дан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши йўлга қўйилади.

16) Болалар ҳамда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 4 900 та ўрта тиббиёт ходимлари (педиатрия ҳамшираси ва доя) штатлари ажратилади. 

 

 

 

Chat