Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Энергетика назорати бўйича Бош прокурор ўринбосари лавозими жорий этилди

  • 16.02.2023
  • 593 марта ўқилди

Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–54-сон, 13.02.2023 й.) қабул қилинди

Қарорга мувофиқ, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди. 

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан Ўзэнергоинспекция ходимлари зиммасига уларнинг ваколатига кирмайдиган вазифаларнинг юкланиши тақиқланади.

Қарорга кўра, Бош прокурорнинг ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган ўринбосари лавозими жорий этилди. 

2023 йил 1 мартдан:

  • Ўзэнергоинспекция электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларидаги ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни мониторинг қилади;
  • электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича тузилган далолатномаларни электрон расмийлаштириш ва тегишли маълумотларни “E-ma‘muriy ish” тизимига киритиш тартиби жорий этилади.

2023 йил 1 июлдан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали тузилади. 

2023 йил 1 июнгача ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, инсон омилисиз қайта ҳисоб-китоб қилиш, етказилган зарар миқдорини аниқлаш ва Солиқ қўмитаси базасида параллел равишда ҳисобга олишни назарда тутувчи дастур жорий этилади. 

Қарорга кўра шунингдек, электр энергияси, газ ҳамда водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш орқали талон-тарож қилиш ҳолатларини ўғрилик жинояти сифатида белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади

Chat