Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши

  • 17.02.2023
  • 582 марта ўқилди

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ интеллектуал мулк объектлари икки гуруҳга бўлинади.

Булар:

  • Саноат мулки объектлари (товар белгилари, товар келиб чиққан жой номлари, ихтиро ва фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари ҳамда географик кўрсатгичлар);

  • Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектлари (адабий ва бадиий асарлар, ижролар, фонограммалар, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар ва h.k.).

Ўзбекистон Республикасидаги мавжуд қонунчиликка мувофиқ жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли бўлган саноат мулки объектларига нисбатан ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари учун ушбу объектлар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиши керак. 

Маълумот учун: Саноат мулки объектлари Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.

Бироқ муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектларининг ҳимоя қилиш тартиби саноат мулки объектларидан фарқ қилади. Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ фан, адабиёт ва санъат асарига муаллифлик ҳуқуқи уни яратиш факти бўйича юзага келади. Яъни саноат мулки объектларида бўлгани каби муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши ва амалга оширилиши учун асарни рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.

Ушбу Қонуннинг 10-моддасига кўра, асарнинг асл нусхасида ёки нусхасида муаллиф сифатида кўрсатилган шахс, агар бошқача ҳол исботланмаган бўлса, асар муаллифи ҳисобланади.

Chat