Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

ЎзННТМА ва "Мадад" ННТ ҳамкорлигида Андижон вилоятида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.

  • 22.02.2023
  • 530 марта ўқилди

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда “МададННТ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.

Кейинги йилларда мамлакатимиз ННТларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур шароитлар яратиб берилди. Натижада жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли тобора ортмоқда. Жумладан, ННТлар жамиятимиздаги муаммоларни кенг жамоатчиликка етказиш, бартараф этиш, айниқса, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий билимларини юксалтириш, экология, атроф-муҳит муҳофазаси, таълим, тиббиёт ва бошқа қатор йўналишлардаги долзарб масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этмоқда.

Шундай бўлсада бугун ННТлар олдида турган муаммолар, уларни қийнаётган масалалар ҳам бор. Тадбирда айнан ана шу муаммолар, уларнинг ҳуқуқий ечими ва бартараф этиш масалалари хусусида сўз юритилди.

– Айни кунда вилоятимизда 550 дан ортиқ ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолият юритади, – дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахонов. – Албатта, ННТ мутахассислари фаолияти давомида қайсидир масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат олишга эҳтиёж сезади. Шу маънода ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” тадбири уларга ҳуқуқшунослардан турли масалалар бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар олиш имконини берди.  

Тадбир доирасидаги мулоқотда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, фаолиятлари билан боғлиқ ҳужжатларни юритиш, ҳисоботларни тайёрлаш бўйича тавсиялар, қонунчиликдаги имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди. Мутахассислар иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб берди.

Chat