Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишда ўзаро ҳамкорлик

  • 23.02.2023
  • 717 марта ўқилди

Бугун Самарақанд шаҳридаги “Silk Road Samarkand” мажмуасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтига асос солинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли ҳимояси борасида ўзаро ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. 

Конференция Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда 20 га яқин хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи ваколатли органлари ҳамда халқаро бирлашма вакиллари, жумладан, Португалия, Сербия, Венгрия, Туркия, Озарбайжон, Россия, Таиланд, Марокаш қироллиги, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатлари Омбудсманлари ҳамда халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вакиллари қатнашди.  

Конференцияда хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий ва халқаро механизмлари, омбудсманнинг давлат органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ўзаро ҳамкорлиги, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг халқаро стандартларга мувофиқ таъминланиши ҳамда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда ушлаб турилган шахслар ҳуқуқларининг таъминланганлиги каби масалалар давлат идорали ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама этилди.

Chat