Қонун давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқи фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган асосларга кўра, шунингдек қуйидаги асосларга кўра ҳам юзага келади:
- шартномалар ва бошқа битимлар тузилганда;
- мол-мулкни ёки мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини, солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорликни, шунингдек давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендларни хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) киритиш йўли билан улушни олишда;
- суд қарорлари асосида.
Қонунга кўра, айрим давлат мулклари хусусийлаштирилмайди, жумладан:
- Ўзбекистон ҳудуди доирасидаги ер, ер ости бойликлари, сув омборлари, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси;
- моддий маданий мерос объектлари, архив ҳужжатлари, давлат музейлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шу жумладан хиёбонлар ва ботаника боғлари.
Давлат мулкини бошқариш субъектлари қуйидагилардан иборат:
Вазирлар Маҳкамаси;
Агентлик;
махсус ваколатли давлат органлари;
давлат муассасалари, шу жумладан давлат органлари;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.
Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат мулкини бошқариш соҳасидаги ваколатли давлат органидир.
Давлат мулки реестрини юритиш Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда ва шаклда Агентлик томонидан амалга оширилади.
Агентлик ҳар йили 1 августгача давлат иштирокидаги корхоналарнинг ўтган молия йилидаги фаолияти самарадорлиги тўғрисидаги йиғма ҳисоботни ўз расмий веб-сайтида эълон қилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.