1) Паррандачилик билан шуғулланувчи тадбиркорларга имтиёзли кредитлар берилади:
- Паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ажратиш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи фақатгина my.vetgov.uz сайтида рўйхатдан ўтган ҳамда тегишли мезонларга мос келувчи паррандачилик хўжаликларига берилади.
2) Автотранспортлар ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 60 километргача пасайтирилади:
- Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади.
3) Аҳолига қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси учун субсидия берилади:
Республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилади.
Дастур доирасида:
- жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига 1 000 сўмдан субсидия ажратилади.
4) Хўжалик жамиятлари кузатув кенгашининг қимматли қоғозларни чиқариш бўийча қарорлари муҳим факт сифатида ошкор қилинади.
5) Айрим тадбиркорларга мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади.
6) Айрим касалликларда ногиронлик фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади:
- Қонунчиликка кўра, ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.
7) Профессионал таълим муассаси педагогларининг базавий тариф ставкалари оширилади:
Қонунчиликка кўра:
- профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига;
- профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.
8) Кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида боғчалар ташкил этишга рухсат берилади:
Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида:
- янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилади;
- давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерик томонидан ушбу бинонинг мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйилишига оид чекловлар бекор қилинади.