Ҳукумат қарори (142-сон, 04.04.2023 й.) билан Бино (иншоот) ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламентга кўра, бино (иншоот) ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг давлат ёнғин назорати органлари томонидан давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали берилади.
Шунга кўра, ариза берувчи (жисмоний ёки юридик шахс) ДХМга ўзи келиб ёки ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилади.
Сўровнома келиб тушгач, ваколатли орган бино ва хоналарни 10 иш куни ичида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга асосан жойига чиққан ҳолда кўриб чиқади.
Давлат хизмати кўрсатилгани учун БҲМнинг 10 фоизи (30 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат этилганда мазкур миқдор 27 минг сўмни ташкил этади.
Жисмоний шахслар ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Шунингдек, қарор билан Радиотехник иншоотларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш учун санитария паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Бунда радиотехник иншоотнинг санитария паспорти аҳоли яшаш жойлари истиқболли ривожлантирилиши ҳамда санитария муҳофаза зонаси ўзгариши инобатга олинган ҳолда 3 йил муддатга берилади.
Сўровнома келиб тушгач, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари 14 кун муддатда радиотехник иншоотларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлигини жойига чиққан ҳолда кўриб чиқади.
Давлат хизмати кўрсатилгани учун БҲМнинг 2 баравари (600 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.