Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Оилавий зўравонлик учун жавобгарлик белгиланди

  • 13.04.2023
  • 1602 марта ўқилди

Қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра:

18 ёшга тўлмаган шахсларни, яқин қариндош, собиқ хотин, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахс ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этганлик учун жавобгарлик белгиланди. 

Мазкур жиноят 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик киритилди. Унга кўра, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғорда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга шахсга нисбатан:

  • мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш; 
  • мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш;
  • уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, мазкур ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима ёки 160 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Юқоридаги шахсларни дўппослаш, тан жароҳати етказиш етказилган жароҳатдан келиб чиққан ҳолда оғирлаштирувчи ҳолатларни келтириб чиқарса, хусусан: 

  • соғлиқнинг узоқ вақт (камида 21 кун, аммо 4 ойдан кўп бўлмаган даврда) ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг 10 фоизидан 33 фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш содир этилса, 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Жумладан:

  • 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик учун – 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш; 
  • 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш – 2 йилдан 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Шунингдек, шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик белгиланди. 

Мазкур жиноят оғирлаштирувчи ҳолатларда 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Chat