“2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–51-сон, 13.04.2023 й.) қабул қилинди
Фармонга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг амалдаги тартибига 2023 йил 1 майдан қуйидаги ўзгартиришлар киритилади:
- банкларга расмий даромадга эга бўлмаган шахсларга ипотека кредитини ажратишда уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашнинг муқобил усулларидан фойдаланишга, шу жумладан қарз олувчиларнинг банк картаси айланмаси, ижара, коммунал ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларини инобатга олувчи скоринг тизими жорий қилинади;
- банкларга қарз олувчи томонидан тўланган дастлабки бадал миқдори, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, субсидиясиз ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади;
- профессионал таълим ташкилотларининг муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш соҳаларидаги махсус фанлар бўйича дарс бераётган ёки ўқув амалиётини ўтказаётган ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълим усталарига имтиёзли шартларда субсидия хабарномаларини бериш тартиби жорий этилади;
- уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун олинадиган ипотека кредитлари бўйича берилган субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномаларнинг амал қилиш муддати 4 ой этиб белгиланади;
- 2023 йил учун ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишга доир аризалар тасдиқланган параметрлар доирасида 2023 йил 1 майдан 2023 йил 1 декабргача қабул қилинади;
- Иқтисодиёт ва молия вазирлигига “Халқпарвар” комиссияларининг ахборотига асосан хато ажратилган деб топилган субсидия хабарномаларини дастурий таъминотдан тўғридан-тўғри бекор қилиш ва тўловларни тўхтатиш ҳуқуқи берилади.
Фармонга кўра, 2023 йилда:
- квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш ҳамда реконструкция қилиш учун республика бўйича жами 44 690 та ипотека кредитлари ажратилади.
Мазкур кредитларнинг камида 30 фоизи хотин-қизларга ажратилиши белгиланган.
- ипотека кредитлари бўйича 30 минг нафар шахсга субсидиялар ажратилади.