Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 28218 марта ўқилди

Қисқартирилган иш вақти

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига мувофиқ, уч ёшга тўлмаган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотда ишлайдиган ота-онасидан бирига ёки васийсига ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган иш вақти белгиланади.

Қисқартирилган иш вақтидан:

  • боланинг онаси;
  • боланинг отаси;
  • боланинг васийси фойдаланиши мумкин.

Ушбу кафолат оилавий вазифаларни бажараётган шахслардан бирига берилади.

Қисқартирилган иш вақтида ходимнинг меҳнати тўлиқ иш вақтида ишлайдиган тегишли ходим учун белгиланган миқдорда тўланади.

Бюджетдан молиялаштирилмайдиган иш берувчиларда ишлайдиган ота-она ёки васий учун қисқартирилган иш вақти:

  • жамоа келишувида;
  • жамоа шартномасида;
  • иш берувчининг касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ички ҳужжатида белгиланиши мумкин.

Тунги ва иш вақтидан ташқари ишлар

Ҳомиладор аёл, ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бири, шунингдек ота-она ўрнини босувчи шахс фақат ёзма розилиги билан:

  • тунги ишларга;
  • иш вақтидан ташқари ишларга;
  • дам олиш кунларидаги ишларга;
  • ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиниши ёки хизмат сафарига юборилиши мумкин.

Иш берувчи ходимни бундай ишдан ёки хизмат сафаридан воз кечиш ҳуқуқи мавжудлиги ҳақида олдиндан хабардор қилиши шарт.

Тиббий хулоса талаб қилинадиган ҳолат

Ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни тунги ишга жалб қилишга фақат бундай иш аёл ва боланинг ҳаёти ҳамда соғлиғига хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса мавжуд бўлганда йўл қўйилади.

Ёзма розиликнинг ўзи етарли эмас: қонунда тиббий хулоса талаб қилинган ҳолатда иш берувчи ушбу ҳужжатсиз ходимни тунги ишга жалб қила олмайди.

Chat