Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 114161 марта ўқилди

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи

Ўзига нисбатан тазйиқ ёки зўравонлик содир этилиши таҳдиди мавжуд бўлган ёхуд бундай ҳаракатлар оқибатида жабрланган аёл тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ҳисобланади.

Жабрланувчи:

  • ваколатли давлат органлари, ташкилотлар ёки судга мурожаат қилиш;
  • бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, иқтисодий ва тиббий ёрдам олиш;
  • ички ишлар органларидан ҳимоя ордери беришни талаб қилиш;
  • ҳимоя ордери талаблари бузилганлиги ҳақида хабар бериш;
  • етказилган моддий зарарни ундириш ва маънавий зиённи компенсация қилишни сўраб судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Моддий зарарни ундириш ва маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақида судга мурожаат қилган жабрланувчи давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Ёрдам ва ҳимоя учун мурожаат қилиш

Шошилинч хавф мавжуд бўлса, 102 рақамига хабар бериш керак. Маслаҳат ва ахборот олиш учун 112 ягона диспетчерлик хизмати ёки 1146 ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.

Тазйиқ ва зўравонлик ҳақида жабрланувчининг ўзи, унинг қонуний вакили, бошқа жисмоний ёки юридик шахслар, давлат органлари ва ташкилотлар хабар бериши мумкин.

Ички ишлар органлари оғзаки ёки ёзма хабарни олгач, зўравонликка чек қўйиш ва унинг такрорланишининг олдини олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўради.

Ҳимоя ва ижтимоий хизматлар

Жабрланувчи ҳимоя ордери, вақтинчалик бошпана, тиббий, психологик, ижтимоий ва ҳуқуқий хизматлардан фойдаланиши мумкин.

Бир календарь йил давомида тазйиқ ёки зўравонлик бўйича икки ва ундан ортиқ мурожаат келиб тушса, ички ишлар органи ҳимоя ордерини ташаббус тартибида беради.

«Инсон» марказининг кундузги ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий хизматларини олиш учун ҳимоя ордери талаб этилмайди. Жабрланувчининг розилиги билан у ва вояга етмаган фарзандлари хавфсиз бошпанага жойлаштирилиши мумкин.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жабрланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кўзлаб, судга давлат божисиз ариза, шикоят ёки даъво киритиши ҳамда судда вакили орқали иштирок этиши мумкин.

Тартиб «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 3-сон қарори, Президентнинг ПҚ-175-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 354-сон қарори билан белгиланган.

Chat